«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ ўртасида Бош Қайта молиялаштириш Келишуви имзоланди
2020 йил 28 октябр куни “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, тижорат банклари орасида биринчилардан булиб, Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (ЎзИҚМК) билан Бош қайта молиялаштириш Келишувини имзолади. Бу банк мижозларига нафақат янги уйларни, балки иккиламчи бозордаги кўчмас мулкларга ҳам қулай шартларда ипотека кредитларини расмийлаштириш имконини беради.
2020 йил 1 август ҳолатига кўра, Ўзбекистон банклари ипотека кредитлари ҳажми 25 триллион сўмга ёки мамлакат ЯИМининг 4 фоизига тенгдир. Лекин банклар ва ривожланаётган иккиламчи ипотека бозорлари учун узоқ муддатли ресурсларнинг етишмаслиги Ўзбекистонда ипотека бозори ривожланишининг асосий муаммоларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 майдаги “Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ипотека кредитларини тақдим этиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг барча қатламлари учун бозор тамойиллари асосида ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятларини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ўртасида имзоланган янги келишув юртдошларимизга ҳам бирламчи, ҳам иккиламчи бозордаги уй-жойларни 20 йилгача муддатга йиллик 18 фоиз ставкаси асосида ипотека кредити расмийлаштириш имконини беради.
“Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимиз аҳолисини ҳар томонлама қулай, арзон, сифатли уй-жойлар билан таъминлаш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда молия муассасалари томонидан қулай шартларда ипотека кредитлари кўламининг ортиб бораётгани юртдошларимизнинг ўзининг кичик Ватанига эга бўлишларида муҳим омил бўлмоқда. Бугунги келишув эса банкимиз мижозларига янада қулай шартлардаги ипотека кредитларидан фойдаланишлари учун имконият яратади. Айни пайтда биз қайта молиялаштириш ва қимматли қоғозлар таъминоти асосида ипотека кредитлари ресурсини жалб қилган биринчи банк эканлигимиздан мамнунмиз”, деди Ўзсаноатқурилишбанк Бошқаруви раиси Сахи Aннакличев.
“Биз ипотека кредитлари бозорида жуда муҳим паллада турибмиз. Ипотека бозорларини ривожлантиришга ихтисослашган нобанк молия институти сифатида ЎзИҚМК Ўзсаноатқурилишбанкни узоқ муддатли ресурслар билан таъминлайди. Банк соҳасида юксак урни ва мақсадларига эга бўлган илгор молия институти билан якин хамкорлигимиздан хурсандмиз”, деди ЎзИҚМК Бош директори Муроджон Фарманов.
Ўзсаноатқурилишбанк Ўзбекистондаги йирик тижорат банкларидан бири сифатида бугунги кунда республика бўйлаб кенг филиаллар тармоғига эга, 1 миллиондан ортиқ чакана мижозларига хизмат кўрсатиб келмоқда.
Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси нобанк молиявий ташкилоти сифатида Молия Вазирлиги томонидан 2019 йил 14 ноябрда қулай шартлардаги уй-жой фондлари яратиш ва тижорат шартлари асосида маҳаллий ипотека бозорини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда 12 та банк компания акционерлари ҳисобланади. Компания ресурслари банкларни ва ипотека кредити олувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, якуний қарз олувчи уй-жойларни кредит ҳисобига сотиб олаётганда қулай ва узоқ муддатли молиялаштириш имкониятига эга бўлади.